2016 йилнинг 26 - 30 декабрь кунлари «Ташкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 22 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 91 та битим
қайд қилиниб, 39,5 млн. дона акция 38,4 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 85,3 фоизи саноат тармоғига кирувчи
жамиятларининг, 9,2 фоизи эса тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан
амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Sarbon-Neftegaz»
АЖ (ҳафталик савдо айланмасининг – 28,5 фоизи), «Minora qurish ekspeditsiyasi»
АЖ (15,1 фоиз), «Neftgazqurilishta'mir» АЖ (14,1 фоиз), «Qashqadaryo
texnologik transport» АЖ (12,3 фоиз) ва «Qashqadaryoneftgazsanoatqurilish» АЖ (7,8 фоиз)
ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 77,8 фоизини
ташкил этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида жойлашган
листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа
битимларининг энг юқори ҳажми Қашкадарё вилояти (42,7 фоиз) ва Тошкент шаҳридаги
(42,6 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қайд этиш лозимки, 2016 йил давомида «Тошкент» Республикаси фонд
биржаси савдо айланмасининг умумий ҳажми биржа тарихидаги энг юқори кўрсаткич -
299,8 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2015 йил савдо айланмасига (161,0 млрд. сўм)
нисбатан 1,9 мартага ошди. Йил давомида биржа савдолари орқали 141 та
эмитентнинг 689,1 млн. дона қимматли қоғозлари билан 3080 та савдо битими қайд қилинди.