2017 йилнинг 15 - 19 май кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 17 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 72 та битим
қайд қилиниб, 617,9 минг дона акция 951,6 млн. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 39,0 фоизи қурилиш материаллари
тармоғидаги жамиятлар ва 32,3 фоизи тижорат банкларининг қимматли қоғозлари
билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 16
май санасида «Quvasoyshifer» АЖнинг 78,7 минг дона акцияси билан 366,1 млн. сўм
миқдорида тузилди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Quvasoyshifer»
АЖ (ҳафталик савдо айланмасининг – 38,5 фоизи), «O'zsanoatqurilishbank» АТБ (32,1 фоиз), «Mulk-Sarmoya BU» АЖ (21,7 фоиз), «Marg''ilon Fayz savdo
kompleksi» АЖ (2,4 фоиз) ва «DORI-DARMON» АК (2,1 фоиз) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 96,8 фоизини ташкил
этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида жойлашган
листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа
битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (58,0 фоиз) ва Фарғона вилоятидаги
(41,0 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ
қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида
кузатилди:
1. «SHIFOBAXSH BULOQ» АЖ. Нисбат – 53,54:1. Ушбу акциядорлик жамияти
бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 40 000 сўмдан иборат бўлди.
Акциянинг номинал қиймати эса 747 сўмни ташкил қилади.
2. «Olchazor aziya» АЖ. Нисбат – 6,00:1. Ушбу эмитент бир дона
акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 30 000 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг
номинал қиймати 5000 сўмни ташкил қилади.
3. «Yangi bozor dehqon bozori» АЖ. Нисбат – 2,91:1. Ушбу эмитент бир
дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 10 800 сўмдан иборат бўлди.
Акциянинг номинал қиймати 3 706 сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида
юридик шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 92,9
фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди. Таҳлилларга кўра инвестор сифатида
юридик шахслар энг кўп қурилиш материаллари тармоғидаги жамиятлар акцияларига
юқори қизиқиш билдиришган (38,9 фоиз).
Фонд биржасида йил бошидан буён 24,5 млрд. сўмлик 955 та савдо битими
қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 60 та эмитентнинг 1,0 млрд. дона
қимматли қоғозлари сотилган.