2017 йилнинг 10 - 14 июль кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 11 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 43 та битим
қайд қилиниб, 2,5 млн. дона акция 208,4
млн. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 53,6 фоизи тижорат банкларининг
қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини
кўрсатди. Энг йирик битим 10 июль санасида «O'zsanoatqurilishbank» АТБнинг 32,5
минг дона акцияси билан 110,0 млн. сўм
миқдорида тузилди.
Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни «Marg'ilon Fayz
savdo kompleksi» АЖ эгаллаган ҳолда, ҳафта
давомида ушбу жамиятнинг 16,1 минг дона акциялари билан 19,0 млн. сўмлик 16 та
битим амалга оширилди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни
«O'zsanoatqurilishbank» АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 52,9 фоизи),
«Olchazor aziya» АЖ (21,6 фоиз), «Marg'ilon Fayz savdo kompleksi» АЖ (9,2
фоиз), «Amubuxorokanalqurilish» АЖ (5,4 фоиз) ва «TOSHKENTVINO KOMBINATI» АЖ
(4,7
фоиз) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг
93,8 фоизини ташкил этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 4 та ҳудудида жойлашган
листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа
битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳридаги (84,2 фоиз) акциядорлик
жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ
қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида
кузатилди:
1. «SHIFOBAXSH BULOQ» АЖ. Нисбат – 53,54:1. Ушбу акциядорлик жамияти
бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 40 000 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг
номинал қиймати эса 747 сўмни ташкил қилади.
2. «TOSHKENTVINO KOMBINATI» АЖ.
Нисбат – 6,25:1. Ушбу эмитент бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи
25 000 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати 4 000 сўмни ташкил
қилади.
Шунингдек, ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида
юридик шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 52,7
фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди. Ушбу ҳафтада тузилган битимлар сони
бўйича эса жисмоний шахслар пешқадамлиги кузатилди (97,6 фоиз).
Фонд биржасида йил бошидан буён 43,7 млрд. сўмлик 1425 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 75 та эмитентнинг 1,2 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.