2016 йилнинг 27 июнь – 1 июль кунлари «Ташкент» Республика фонд биржаси савдоларида 11 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 68 та битим қайд қилиниб, 480,5 минг дона акция 825,4 млн. сўмга сотилди.
Ҳафта якунлари бўйича умумий савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши юқорилиги кузатилиб, 68,3 фоиз, бирламчи бозор ҳиссаси эса 31,7 фоизни ташкил этди.
Энг йирик битим 28 июнь санасида «1-Temir beton mahsulotlari zavodi » АЖнинг номинал қиймати 1491 сўм бўлган 135,0 минг дона акцияси билан 201,3 млн. сўм миқдорида тузилди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Karbonat» АЖ (ҳафталик савдо айланмасининг – 29,6 фоизи), «1-Temir beton mahsulotlari zavodi» АЖ (24,4 фоиз), «O’zneftgazinformatika » АЖ (17,2 фоиз), «O’zsanoatqurilishbank» АТБ (16,1 фоиз) ва «InFinbank» АТБ (6,5 фоиз) ташкил этди. Уларнинг қимматли қоғозлари билан жами 774,6 млн. сўмлик савдо битимлари амалга оширилди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 93,9 фоизини ташкил этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 5 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (41,4 фоиз) ва Жиззах вилоятларидаги (29,6 фоиз )акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 119,9 млрд. сўмлик 1954 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 80 та эмитентнинг 106,9 млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.
Умумий биржа савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши 54,8 фоизни ёки 65,7 млрд. сўмни ташкил этди. Бирламчи бозор улуши эса 45,2 фоиздан иборат бўлди. Йил бошидан буён биржа савдо айланмасида тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳажми юқорилигича қолмоқда. Тижорат банкларининг умумий савдо айланмасидаги улуши 61,0 фоиз ёки 73,1 млрд. сўмни ташкил қилади.