2016 йилнинг 13 - 17 июнь кунлари «Ташкент» Республика фонд биржаси савдоларида 14 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 45 та битим қайд қилиниб, 9,7 млн. дона акция 7,2 млрд. сўмга сотилди.
Ҳафта якунлари бўйича умумий савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши юқорилиги кузатилиб, 99,9 фоиз, бирламчи бозор ҳиссаси эса 0,1 фоизни ташкил этди.
Энг йирик битим 17 июнь санасида «Universal bank» ХАТБнинг нархи 4999 сўм бўлган 316,5 минг дона акцияси билан 1,6 млрд. сўм миқдорида тузилди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «HI-TECH BANK» АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 23,4 фоизи), «Universal bank» ХАТБ (21,9 фоиз), «Olchazor aziya» АЖ (20,8 фоиз), «O’zsuvloyiha» АЖ (15,2 фоиз) ва «Qishloq qurilish bank» АТБ (12,5 фоиз) ташкил этди. Уларнинг қимматли қоғозлари билан жами 6,8 млрд. сўмлик савдо битимлари амалга оширилди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 93,7 фоизини ташкил этади.
Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 4 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (75,0 фоиз) ва Фарғона вилоятидаги (21,9 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 111,7 млрд. сўмлик 1788 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 78 та эмитентнинг 96,0 млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.
Умумий биржа савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши 54,3 фоизни ёки 60,7 млрд. сўмни ташкил этди. Бирламчи бозор улуши эса 45,7 фоиздан иборат бўлди. Йил бошидан буён биржа савдо айланмасида тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳажми юқорилигича қолмоқда. Тижорат банкларининг умумий савдо айланмасидаги улуши 65,1 фоиз ёки 72,8 млрд. сўмни ташкил қилади.