2018 йилнинг 5 - 9 феврал кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 13 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 62 та битим
қайд қилиниб, 5,8 млн. дона акция 296,0 млн. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 90,0 фоизи тижорат банклари ва 2,8
фоизи саноат тармоғидаги акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари билан
амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 7 феврал санасида асосий секцияда «O'zsanoatqurilishbank»
АТБнинг 5,3 млн. дона акцияси билан 100,0 млн. сўм миқдорида тузилди. Бир дона
акциянинг сотув нархи 19 сўмни ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада ҳам «Hamkorbank» АТБ эгаллаган
ҳолда, унинг 483,6 минг дона акцияси
билан 86,1 млн. сўмлик 34 та битим амалга оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида
59,2 млн. сўмни, ўртача битим қиймати эса 11,8 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан
бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 50,4
сўмдан иборат бўлди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ
«Toshkentvino kombinati» ЧЭИИ АЖ акциялари билан тузилган савдо битимларида
кузатилди. Бунда номинал қиймати 4 000 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо
кунидаги биржа нархи 170 000 сўмни ташкил этди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни
«O'zsanoatqurilishbank» АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 33,8 фоизи), АКБ «Hamkorbank» АТБ (29,1 фоизи), «Turonbank»
АТБ (27 фоиз) ва «Olchazor aziya» (6,5
фоиз) ташкил этди. Савдо айланмасининг 96,5 фоизи улар ҳиссасини ташкил этди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний
шахсларнинг мутлоқ фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар сонининг
барчаси улар ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 5 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (68,0 фоиз) ва Андижон
(29,8 фоиз) вилоятидаги акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 11,5 млрд. сўмлик 139 та савдо битими
қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 27 та акциядорлик жамиятининг 83,3
млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.