2018 йилнинг 26 феврал - 2 март кунлари «Тошкент» Республика фонд
биржаси савдоларида 16 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 152
та битим қайд қилиниб, 36,9 млн. дона акция 7,1 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 98,5 фоизи тижорат банклариининг
қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини
кўрсатди. Энг йирик битим 28 феврал санасида асосий секцияда «Asia Alliance
Bank» АТБнинг 5,6 млн. дона акцияси билан 1,47 млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир
дона акциянинг сотув нархи 260 сўмни ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада «Hamkorbank» АТБ
эгаллаган ҳолда, унинг 4,6 млн. дона
акцияси билан 718,8 млн. сўмлик 107 та битим амалга оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 1,4
млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 47,0 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан
бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 193,6
сўмдан иборат бўлди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ «Olchazor
aziya» АЖ акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди. Бунда номинал
қиймати 5 000 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо кунидаги биржа нархи 30 000
сўмни ташкил этди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Asia
Alliance Bank» АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 61,7 фоизи), «Universal
bank» ХАТБ (24,6 фоиз), «Hamkorbank» АТБ (10,0 фоиз) ва «Ipak Yo'li» АИТБ (2,0
фоиз) ташкил этди. Савдо айланмасининг 98,5 фоизи улар ҳиссасини ташкил этди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний
шахсларнинг мутлоқ фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар сонининг
барчаси улар ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 5 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (65,2 фоиз) ва
Фарғона вилоятидаги (24,7 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 21,6 млрд. сўмлик 380 та савдо битими
қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 41 та акциядорлик жамиятининг 142,7
млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.