2018 йилнинг 16 – 20 июль кунлари
«Тошкент» Республика фонд биржаси савдоларида 37 та акциядорлик
жамиятининг акциялари билан 143 та битим қайд қилиниб, 107,2 млн. дона қимматли
қоғозларлар 2,0 млрд. сўмга сотилди.
Бундан ташқари, ушбу ҳафтада «O'zsanoatqurilishbank» АТБ корпоратив
облигациялари билан 2018 йилдаги дастлабки облигация иштирокидаги битим 103,0 минг сўмга амалга
оширилди. Бунда номинал қиймати 100 000 сўм бўлган банк облигациясининг
савдо кунидаги нархи 103 000 сўмни ташкил этди. 2017 йилда эса «O'zsanoatqurilishbank»
АТБ корпоратив облигациялари билан жами 2,0 млрд. сўмлик 3 та савдо битими
тузилган.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 0,4
млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 14,2 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда
сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 19,1 сўмдан иборат
бўлди.
Энг йирик битим 18 июль санасида акциялар бозорининг
асосий секциясида («Main Board») «O'zsanoatqurilishbank» АТБнинг 91,9 млн.
дона акцияси билан 1,7 млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир дона
акциянинг савдо кунидаги сотув нархи 18,9 сўмни ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада “Kvarts” AЖ эгаллаган ҳолда,
унинг 5 951 дона акцияси билан 33,5 млн. сўмлик 47 та битим амалга
оширилди.
Шунингдек, ҳафта якунлари бўйича USI биржа индексининг энг юқори
кўрсаткичи 18 июл санасида - 1 083.45 ▲ (0.02) пунктда, энг қуйи кўрсаткичи эса
ҳафтанинг жума куни - 1080.25 ▼ (3.35) пунктда
қайд этилди.
Қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 8 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли
қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент
шаҳридаги (98,1 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Таҳлилларга кўра, фонд биржасида йил бошидан буён 210,9 млрд. сўмлик 6 483
та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 92 та акциядорлик
жамиятининг 6,8 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.