“Фонд бозорида жисмоний шахслар учун яратилган имкониятлар”
мавзусидаги матбуот анжумани юзасидан
ПРЕСС-РЕЛИЗ
2018 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Тошкент” Республика фонд биржаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Фонд бозорида жисмоний шахслар учун яратилган имкониятлар” мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида “Тошкент” Республика фонд биржаси ва Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасадди ҳодимлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бир қаторда биржа савдоларида фаол иштирок этиб келаётган “Портфолио Инвестментс” брокерлик уйи ҳодимлари иштирок этдилар.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 19 мартдаги “Фонд бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимиз фонд бозорини модернизация қилиш юзасидан Корея фонд биржаси (Korea Exchange, KRX) билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа муваффақиятли якунига етказилиб, 2016 йилнинг 29 августидан юртимиз фонд бозорида Ягона дастурий-техник комплекс ишга туширилганлиги ва янги мажмуа бир қатор афзалликлар ва қулайликларга эгалиги, у савдо, брокерлик, ҳисоб-китоб ва клиринг, депозитар ва назорат тизимларини ўзида бирлаштирганлигини таъкидлаб ўтилди.
Анжуманда ягона дастурий-техник комплекснинг жорий этилиши инвесторлар учун кўплаб имкониятлар, жумладан, халқаро стандартлар даражасида ўтказиладиган биржа савдоларида иштирок этиш имкониятлари, белгиланган меъёр ва қоидалар асосида мустақил равишда савдо тизимида қатнашиш ва ўз ҳисобини бошқариш имконияти, битимлар тузишда ортиқча вақт ва маблағларнинг сарфини камайтириш, инвесторлар ва инвестиция воситачилари орасидаги муносабатларнинг электрон тизим орқали ўрнатилиши, бир савдо сессияси давомида бир корхонанинг акциясини сотиб олиб, уни шу заҳоти сотиб юбориш каби имкониятлар мавжудлиги биржа савдоларида қатнашишни янада осонлаштирганлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, мазкур йиғилишда бугунги биржа савдо тизимининг жисмоний шахслар учун энг асосий қулайлиги бу мобил илова орқали савдолашиш ва ўз ҳисобини бошқариш, мобиль тўлов тизими воситасида ҳисобни тўлдириш кабилар хақида гап борди.
Шунингдек, анжуманда бугунги кунда жисмоний шахслар учун биржа савдоларида қатнашиш учун яратилган қулайликлар, улар ва брокерлар орасида тузиладиган шартномаларнинг соддалаштирилганлиги, брокерлар томонидан берилган логин ва парол орқали қимматли қоғозларга доир битимлар ҳамда операцияларни амалга ошириш мумкинлиги ва асосийси, жисмоний шахслар биржа савдоларида қатнашишлари учун улар қайерда бўлмасинлар интернет ёки махсус мобил иловалар орқали ўз профиллари орқали кириб, биржа котировкаларини кузатишлари, исталанган қимматли қоғозни сотиш ва сотиб олиш каби қулайликлар хақида гап борди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, қимматли қоғозлар бозори иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун зарур инвестицияларни жалб қилишнинг муҳим манбаи бўлиб, банк кредити орқали молиялаштиришнинг муқобили саналади.
Мазкур анжуманда “Портфолио Инвестментс” брокерлик уйи мутасадди ходимлари томонидан қимматли қоғозлар сотиб олиши ёки сотиши учун фуқароларга яратилган шароитларни кўргазмали тарзда намойиш қилиб бердилар ҳамда “онлайн” режимида “Кварц” АЖ акциялари билан савдо қилдилар. Тадбир давомида “Портфолио Инвестментс” мутахассислари янги савдо тизимига қандай қилиб киришдан бошлаб тизимда қандай ишлаш, савдоларда қатнашиш, олди-сотди ҳаракатларини олиб бориш каби фаолиятларни “онлайн” тарзда тақдимот қилиб бердилар.
Шу билан бирга, мутахассисларнинг қайд қилишларича, фонд бозорига аҳолини кенг жалб қилиш долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Шу боисдан қимматли қоғозлар билан ЯДТК орқали мустақил равишда савдо қилишнинг афзалликларини кенг оммага кўпроқ ва тушунарли тарзда етказиш кераклиги таъкидланди. Бу борада барча турдаги оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозимлиги ҳам эътироф этилди.
Тадбир якунида журналистларнинг мавзуга доир қизиқтирган кўплаб саволларига соҳа мутахассислари томонидан жавоблар, тушунтиришлар, қўшимча ахборотлар берилди.