2018 йилнинг 19-23 ноябр кунлари “Тошкент” Республика фонд биржаси “Stock Market” акция бозори савдоларида 26 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 298 та битим қайд қилиниб, 13,4 млн. дона акция 13,1 млрд. сўмга сотилди. Бундан ташқари, ўтган хафтада облигациялар бозори – “Bond Market”да АТБ «Капиталбанк» облигациялари билан 230 млн. сўмлик бир дона битим амалга оширилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 77,2 фоизи (10,3 млрд. сўм) тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Ушбу натижага ХАТБ “Ravnaq-bank” акциялари билан бўлган савдо хажмининг юқорилиги сабаб бўлди. Ўтган ҳафта умумий савдо айланмасининг 67,2 фоизини айнан шу банк қимматли қоғозлари билан тузилган битмлар ташкил этди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада “Andijon tajriba-sinov zavodi” АЖ эгаллаган ҳолда, унинг 16 022 дона акцияси билан 119,2 млн. сўмлик 68 та битим амалга оширилди. Кейингилардан, “Qizilqumsement” АЖ қимматли қоғозлари билан 2,6 млрд. сўмлик 60 та битим, “Kvarts” АЖ қимматли қоғозлари билан эса 116,3 млн. сўмлик 60 та битим қайд этилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 2,6 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 44,4 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 990,7 сўмдан иборат бўлди.
Энг фаол савдо сессияси чоршанба куни бўлиб ўтиб бунда 16 та эмитентнинг қимматли қоғозлари билан 124 та битим имзоланди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида юридик шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 61,9 фоизи (8,2 млрд. сўм) битимлар сонининг эса – 27,4 фоизи (82 та битим) айнан улар ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 7 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (69,8 фоиз), Навоий вилояти (20,1 фоиз) ва Фарғона вилоятидаги (7,0 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 584,6 млрд. сўмлик 9 332 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 115 та акциядорлик жамиятининг 8,5 млрд. дона акция ва корпоратив облигациялари сотилган.