2018 йилнинг 23 – 27 июль кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси
савдоларида 25 та акциядорлик жамиятининг акциялари билан 234 та битим қайд
қилиниб, 360,1 млн. дона акциялар 13,0 млрд. сўмга сотилди.
Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 96,9 фоизи тижорат банклари қимматли
қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Ҳафта давомидаги энг йирик савдо битимлари музокаралар аукциони
тарзидаги «Nego Board» секциясида «Kapitalbank» АТБнинг 11,3 млн. дона оддий акцияси ёки банк умумий
акцияларининг 11,2 фоизи билан 10,9 млрд. сўм миқдорида тузилди. Йил бошидан
буён эса «Kapitalbank» АТБнинг акциялари билан фонд биржасида 55,3 млрд. сўмлик
(умумий савдо айланмасининг 24,7 фоизи) 36 та савдо битими тузилган бўлиб, бу
борада ушбу банк биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада «O'zsanoatqurilishbank»
АТБ эгаллаган ҳолда, унинг 76,6 млн.
дона акцияси билан 765,9 млн. сўмлик 119 та битим амалга оширилди. Ундан кейинги ўринларни эса «Kvarts»
AЖ (58 та битим) ва «Eyvalek MTB» АЖ (14 та битим) эгаллади.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 2,6 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 55,7 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда
сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 36,2 сўмдан иборат
бўлди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Kapitalbank»
АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 83,3 фоизи), «Universal bank» ХАТБ (7,7 фоиз) ва «O'zsanoatqurilishbank»
АТБ (5,9 фоиз) ташкил этди. Савдо айланмасининг 96,9 фоизи (12,6 млрд. сўм) улар
ҳиссасини ташкил этди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида юридик шахслар фаоллиги кузатилиб,
тузилган умумий битимлар ҳажмининг
– 85,3 фоизи ёки 11,1 млрд. сўмлик қисми айнан улар ҳиссасига тўғри келди. Инвестор сифатида юридик шахслар энг кўп тижорат
банклари (97,6 фоиз) ва суғурта компаниялари (2,1 фоиз) акцияларига юқори
қизиқиш билдиришган.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 7 та ҳудудида
жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари
имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (савдо
айланмасининг 91,7 фоизи) ва Фарғона вилоятидаги (8,1 фоиз) акциядорлик
жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 223,9 млрд. сўмлик 6 717 та савдо
битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 96 та акциядорлик жамиятининг
7,16 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.