2017 йилнинг дастлабки икки ойи давомида фонд биржаси
савдоларида 319 та битим қайд қилиниб, савдо айланмасининг умумий ҳажми 15,2
млрд. сўмдан иборат бўлди. Мазкур даврда биржа савдолари орқали 44 та
акциядорлик жамиятининг 21,3 млн. дона қимматли қоғозлари билан биржа битимлари
амалга оширилди.
Ўтган ойлар мобайнида умумий биржа савдо айланмасида
иқтисодиётнинг молиявий тармоғи улуши 37,3 фоиз ёки 5,7 млрд. сўмни ташкил қилган
ҳолда, шундан 28,8 фоиз ёки 4,4 млрд. сўмлик қисми тижорат банкларининг
қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлди. 2016
йилнинг мазкур даврида эса молиявий тармоқнинг улуши 61,3 фоизни ташкил қилган
эди. Шунингдек, январь-февраль ойларида агросаноат мажмуасининг биржа савдо
айланмасидага улуши ўсган ҳолда 17,4 фоиз ёки 2,6 млрд. сўмни ташкил этди (2016
йилнинг 2 ойида – 3,1 фоиз).
Бундан ташқари, фонд биржасининг ўтган икки ойлик
умумий савдо айланмаси таркиби инвесторлар тоифасига кўра таҳлил қилинганда,
тузилган битимлар умумий ҳажмининг 73,0 фоизи ёки 11,1 млрд. сўмлик қисмини юридик
шахсларнинг инвестициялари ташкил этганлигини кўришимиз мумкин.
Жисмоний шахсларнинг умумий биржа савдо айланмасидаги
улуши ўтган йилга нисбатан ўсган ҳолда 27,0 фоиз ёки 4,1 млрд. сўмни ташкил
этди. (2016 йилнинг 2 ойида жисмоний шахсларнинг инвесторлар таркибидаги улуши
25,0 фоизни ташкил этган).
Таҳлилларга кўра инвестор сифатида жисмоний шахслар
энг кўп тижорат банклари (88,6 фоиз) ва суғурта компаниялари (2,2 фоиз)
акцияларига юқори қизиқиш билдиришган. Инвестор сифатида юридик шахслар
томонидан киритилган инвестицияларнинг асосий қисми эса агросаноат мажмуаси (23,8
фоиз) ва молиявий тармоққа (17,5 фоиз) мансуб жамиятларнинг қимматли қоғозларига
тўғри келади.
Шунингдек, 2017 йилнинг январь-февраль ойлари
мобайнида биржа листинг комиссияси хулосаси асосида 3 та янги акциядорлик
жамиятларининг қимматли қоғозлари биржа котировкалаш варағига киритилди ҳамда 8
та жамиятга нисбатан делистинг тартиби қўлланилди. Натижада 2017 йилнинг 28
февраль ҳолатига биржа котировкалаш варағидан жой олган жамиятларнинг умумий
сони 186 тани ташкил этмоқда.
Тўлиқроқ маълумотни ушбу сайтнинг Матбуот маркази /
Таҳлиллар бўлимидан юклаб олишингиз мумкин