2022 йил 15 августдаги "Тошкент" Республика
Фонд биржаси Кузатув Кенгашининг йиғилишида Георги Отарович Паресишвилини биржа
Бошқарув раиси сифатида жалб қилишга қарор қабул қилинди.
Георги Паресишвили 2014 йилдан ҳозирги кунгача Грузия
Фонд биржасининг раҳбари бўлиб келган, шу билан бирга Грузия Марказий қимматли
қоғозлар депозитарийси Кузатув Кенгашининг раиси бўлган.
Банк соҳасида ва капитал бозорида 27 йиллик тажрибага
эга юқори малакали хорижий топ-менежерни жалб этиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон
Республикасининг капитал бозорини ривожлантириш стратегиясининг бажарилиши ва
амалга оширилиши муносабати билан қабул қилинди. Георги Паресишвилининг асосий
вазифалари маҳаллий фонд бозорини халқаро капитал бозори инфратузилмасига интеграциялаш,
шунингдек, маҳаллий акциядорлик жамиятларининг IPO ва SPOларини ўтказишда ёрдам
беришдир. Жумладан янги бошқарувчининг вазифаларига қуйидагилар киради: иш
самарадорлигини ошириш, халқаро илғор тажрибалар асосида листинг ва савдо
қоидаларни такомиллаштиришга доир тавсиялар бериш, листинг компаниялари сонини
кўпайтириш, умуман бозор инфратузилмаси, IT комплекси фаолияти самрадорлигини
ошириш мақсадида бозорнинг тегишли иштирокчилари билан яқин хамкорлик қилиш.
Георги Паресишвили 1995 йилда Тбилиси давлат
университетининг иқтисод факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Тбилисидаги
“Абсолют Банк”да бошлаган. 2000-2002 йилларда Мичиган университети Стивен М.
Росс бизнес мактабида таҳсил олган ва Бизнес бошқаруви магистри (MBA)
даражасини олган. 2000 йилдан 2005 йилгача у Лондон ва Нью-Йоркда Швейцариянинг
энг йирик молиявий конгломерати Credit Suisse инвестиция банкининг бўлими
бўлган Credit Suisse First Bostonда ишлаган. 2005 йилдан бери Георги
Паресишвили Грузиянинг Terabank, Liberty Bank, Bank of Georgia ва бошқа етакчи
банкларида бошқарув лавозимларда ишлаган.