| 1 |
АТ “Алоқабанк” акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши регламенти тасдиқланди. |
| 2 |
1. АТ “Алоқабанк” Кенгашининг 2018 йил якунлари бўйича берган ҳисоботи тасдиқланди ва иш фаолияти қониқарли деб белгиланди. 2. Банкнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, банк олдига қўйилган стратегик йўналишларни белгилаш, банкнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш ҳамда мижозларни қўллаб-қувватлаш мақсадида банк Кенгаши томонидан амалга оширилиши лозим бўлган қуйидаги устувор вазифалар тасдиқлади: • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, фаолияти самарадорлигини ошириш ва кредит сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4071-хдфу-сонли қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш; • Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ривожлантириш дастурлари, 2019 йил Давлат инвестиция дастури, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури ва бошқа йўналишлардаги барча лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш; • банк томонидан янги замонавий ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш лойиҳалари учун кредитлар ажратиш ва шу асосда рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, шунингдек экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳоли бандлигини оширишни таъминлаш; • банкни профессионал жиҳатдан тайёрланган, замонавий фикрлайдиган юқори малакали ходимлар билан бутлаш, хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини ошириш. 3. Банк Кенгашига АТ “Алоқабанк”нинг 2019 йил учун мўлжалланган Бизнес-режаси ҳамда “АТ “Алоқабанк”нинг 2019-2021 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси”ни бажарилиши устидан назорат ўрнатиш ва банкнинг иш фаолияти натижалари бўйича ўрнатилган тартибда банк Бошқарувининг ҳисоботларини кўриб бориш вазифаси юклатилди. |
| 3 |
1. АТ “Алоқабанк” фаолиятининг 2018 йил якунлари бўйича банк Бошқаруви Раисининг ҳисоботи тасдиқланди ва ҳисобот давридаги иш фаолияти қониқарли деб белгиланди. 2. АТ “Алоқабанк” Бошқаруви томонидан 2019 йилда бажарилиши лозим бўлган қуйидаги устувор вазифалар тасдиқланди: - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, фаолияти самарадорлигини ошириш ва кредит сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4071-хдфу-сонли қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш; - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги “Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4300-сонли қарори ижроси доирасида банк устав капиталидаги давлат акциялар (улуш) пакетлари хорижий инвесторларга сотиш юзасидан барча зарурий чораларни кўриш ҳамда банк устав капиталидаги давлат акциялар (улуш) пакетлари хорижий инвесторларга сотиш чораларини кўриш; - аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банкка бўлган ишончини мустаҳкамлаш орқали уларнинг бўш пул маблағларини қимматли қоғозлар ва депозитларга жалб қилиш; - Бош банк ва филиалларни етакчи хорижий банклар ва молия институтлари томонидан қабул қилинган андозалар, услублар ва баҳолаш кўрсаткичлари тизимида ишлай оладиган, мукаммал тайёрланган юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, банкнинг кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек банк раҳбар ходимлари захирасини мунтазам равишда сифатли шакллантириб бориш; - банкнинг инвестицион фаолиятини кенгайтириш, шу жумладан иқтисодиёт тармоқлари ва соҳани модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш жараёнларида банк иштирокини кенгайтириш, банк томонидан қилинган инвестициялар самарадорлигини ошириш; - кредитларни реал ва ликвидли гаров воситалари билан тўлиқ таъминланган ва кредитнинг қайтишига ишонч ҳосил қилинганидан сўнггина ажратиш, банк кредит портфелида муддати ўтган, суд жараёнидаги муаммоли кредитларни пайдо бўлишига йўл қўймаслик, кредитлар ҳисобига олинган мол-мулкларни сотиш бўйича тасдиқланган графиклар ижросини филиаллар кесимида қатъий назоратга олиш; - кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига кредитлар беришда лойиҳаларни биринчи навбатда, реал секторга ва янги иш ўринлари барпо қилишга, экспортбоп ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга, маҳаллий хом-ашёни қайта ишлаш ҳисобига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришга ҳамда ҳудудларда хорижий инвестициялар иштирокида лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш орқали инновацион технологияларни олиб келиш ва аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш; - АТ “Алоқабанк”нинг 2019 йил учун мўлжалланган бизнес-режа кўрсаткичларни бажарилишини таъминлаш; - банк инфратузилмасини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг банк хизматларидан кенг кўламда фойдаланишини таъминлаш мақсадида банк тармоғини янада кенгайтириш; - мустаҳкам ресурс базасини шакллантириш ва активлар сифатини яхшилаш ҳисобига банкнинг молиявий барқарорлигини ва ликвидлигини ошириш вазифалари юклатилсин. 3. Банк Бошқаруви зиммасига банк фаолияти юзасидан йилнинг ҳар чорак якунлари бўйича банк Кенгашига ҳисобот бериб бориш вазифаси юклатилди. |
| 4 |
1. АТ “Алоқабанк”нинг 2018 йил иш фаолияти якунлари бўйича тафтиш комиссияси томонидан берилган ҳисобот тасдиқланди. 2. Банк Бошқарувига тафтиш комиссияси томонидан берилган таклиф ва тавсияларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш вазифаси юклатилди. |
| 5 |
1. АТ “Алоқабанк”нинг 2018 йил иш фаолияти якунлари бўйича “PriceWaterhouseCoopers” ташқи аудиторлик компанияси томонидан берилган ҳисоботи тасдиқланди. 2. Банк Бошқарувига “PriceWaterhouseCoopers” ташқи аудиторлик компанияси томонидан берилган таклиф ва тавсиялар асосида белгиланган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди. |
| 6 |
1. АТ “Алоқабанк”нинг 2018 йил учун йиллик ҳисоботи, бухгалтерия баланси, фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқланди. |
| 7 |
1. 2018 йил якуни бўйича аудиторлик ташкилоти томонидан Халқаро стандартларга мувофиқ тасдиқланган 114 819 323 000,0 сўм соф фойдаси қуйидаги тартибда тақсимланди: - фойданинг 53 019 855 215,16 сўми ёки 46,18 фоизи банкнинг захира фондига; - фойданинг 22 400 000 000,00 сўми ёки 19,51 фоизи стандарт активлар бўйича захира фондига; - фойданинг 2 296 386 460,00 сўми ёки 2 фоизи банк Бошқаруви ихтиёридаги жамғармага; - фойданинг 871 200 000,00 сўми ёки 0,76 фоизи бир дона акцияга 48 сўм 40 тийиндан номинал қийматига нисбатан 40 фоиз миқдорида банкнинг имтиёзли акциялари дивидендларига; - фойданинг 35 272 260 818,96 сўми ёки 30,72 фоизи бир дона акцияга 4 сўм 84 тийиндан номинал қийматига нисбатан 4 фоиз миқдорида банкнинг оддий акцияларига дивиденд сифатида йўналтирилсин. Банк фаолиятининг 2018 йил якунлари давомида олган соф фойдасини қолган 959 620 505,88 сўми тақсимланмаган фойда сифатида қолдирилди. 2. Банкнинг оддий ва имтиёзли акцияларига 2018 йил якуни бўйича тўланадиган дивидендлар 2019 йилнинг 22 май куни ҳолатига шакллантирилган акциядорлар реестри асосида 2019 йилнинг 28 майидан бошлаб 2019 йил 26 июлигача амалга оширилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 3. Банк Бошқаруви зиммасига дивиденд тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш вазифаси юклатилди. |
| 8 |
1. АТ “Алоқабанк”нинг 2019 йил иш фаолияти якуни юзасидан аудит текширувидан ўтказиш ва Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлаш учун - 1 058 000 000,0 (бир миллиард эллик саккиз миллион) сўм таклиф этган “PriceWaterhouseCoopers” ташқи аудиторлик компанияси танланди. 2. Банк Бошқарувига (К.Ирисбекова) “PriceWaterhouseCoopers” ташқи аудиторлик компанияси билан шартнома имзолаш вазифаси юклатилди. |
| 9 |
1. АТ “Алоқабанк”нинг 2019 йилги иш фаолияти юзасидан тафтишдан ўтказиш учун 3 аъзодан иборат бўлган тафтиш комиссияси қуйидаги таркибда сайланди: 1) Дадамухамедов Р.А. – “Ўзбекистон почтаси” АЖ Молия директори; 2) Расулев М.Х. – “Электромагнит мослашув маркази” ДУК Бош бухгалтери; 3) Мавлюдов Э.Х. – Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бош мутахассиси. |
| 10 |
1. АТ “Алоқабанк” Кенгаши аъзоларининг сони 9 кишидан иборат бўлиб, қуйидаги таркибда сайланди: 1) Садиков Ш.М. – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири; 2) Умаров О.М. – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари; 3) Мансуров Р.П. – “Электромагнит мослашув маркази” ДУК бошлиғи; 4) Хасанов Н.Н. – “Ўзбектелеком” АК Бош директори; 5) Юлдашев Ф.Т. – “Nano lizing kompaniyasi” МЧЖ директори; 6) Ишанходжаев А.А. – Алоқа ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси Республика кенгаши раиси; 7) Иминов Т.К. – “Alskom” Суғурта компанияси АЖ Бош директори; 8) Тешабаев Т.З. – Тошкент Ахборот Технологиялари Университети ректори; 9) Хайтметов Р.М. – Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бош бухгалтери. 2. АТ “Алоқабанк” Кенгаши йиғилишининг қарори билан Кенгаш аъзолари таркибидан банк Кенгаши Раиси ва унинг ўринбосари овоз бериш йўли билан сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 3. АТ “Алоқабанк” Кенгаши аъзолигига сайланган Юлдашев Ф.Т. зиммасига миноритар акциядорлар манфаатини ифода этиш вазифаси юклатилди. |
| 11 |
1. 2019 йил 20 мартда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-531-сонли қонуни билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар маълумот учун қабул қилинди. 2. АТ “Алоқабанк” Уставининг 7.10.13. бандидаги Акциядорлар умумий йиғилишининг имтиёзли ҳуқуқ қўлламаслик ваколатларини амал қилиши қонун ҳужжатларига тегишли ўзгатиришлар киритилгунга қадар тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинди. |
| 12 |
1. АТ “Алоқабанк” Уставига ўзгартиришлар киритилди ва тасдиқланди. 2. Банк Бошқаруви зиммасига АТ “Алоқабанк” Уставига киритилган ўзгартиришларни ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан рўйхатдан ўтказиш вазифаси юклатилди. |
| 13 |
1. “АТ “Алоқабанк” Акциядорларининг умумий йиғилиши тўғрисида”ги Низомига ўзгартиришлар киритилди ва тасдиқланди. 2. Банк Бошқаруви (К.Ирисбекова) зиммасига киритилган ўзгартиришларни ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилиши туғрисида қарор қабул қилинди. |
| 14 |
1. АТ “Алоқабанк”нинг ташкилий тузилмасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, янги ташкилий тузилма тасдиқланди. 2. Банк Кенгаши зиммасига мазкур қарор ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди. |
| 15 |
1. АТ “Алоқабанк” Кенгашининг 2019 йил 4 майдаги 27-сонли қарори тасдиқланди. 2. Банкнинг Қорақалпоғистон, Хоразм ва Навоий филиалларида мижозларга ажратилиб, “умидсиз” актив сифатида таснифланган ҳамда охирги беш йил мобайнида ҳисоби банкнинг “кўзда тутилмаган ҳолатлар” ҳисобварағида юритиб келинган 152 873,7 минг. сўм асосий қарз ва 13 974,6 минг. сўмлик ҳисобланган фоизлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилди. 3. Банк Бошқаруви (К.Ирисбекова)га мазкур қарор ижросини назорат қилиш вазифаси юклатилди. |
| 16 |
1. Жамият соф активларининг 50 фоизидан ортиқ бўлган йирик битимлар Банк Акциядорлари умумий йиғилиши қарорига асосан тузилиши лозимлиги инобатга олинди. 2. “Shanghai Construction Group Co., LTD” (ХХР) ва АТ “Алоқабанк” ўртасида умумий қиймати 126 360 000 АҚШ доллари миқдоридаги қурилиш пудрат шартномасини тузишга рухсат берилди. 3. Банк Бошқаруви (К.Ирисбекова) зиммасига мазкур қарор ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди. |
| 17 |
1. Жамият соф активларининг 50 фоизидан ортиқ бўлган йирик битимлар Банк Акциядорлари умумий йиғилиши қарорига асосан тузилиши лозимлиги инобатга олинди. 2. Industrial and Commercial Bank of China (ХХР)дан кредит линиясини жалб қилиш бўйича шартнома тузилишига рухсат берилди. 3. Банк Бошқаруви (К.Ирисбекова) зиммасига мазкур қарор ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди. |