Тошкент, Ўзбекистон, 2025 йил 8 сентябрь. "Тошкент" Республика фонд биржаси" акциядорлик жамияти (бундан буён матнда "Биржа" деб юритилади) Биржа раҳбариятидаги ўзгаришлар тўғрисида хабар беради.
Меҳнат шартномаси муддати тугаши муносабати билан Георгий Отарович Паресишвили 2022 йил сентябридан бери эгаллаб келган Биржа Бошқаруви раиси лавозимини тарк этди. Ўтган уч йил давомида жаноб Паресишвили Биржани ривожлантиришда юқори натижаларга эришди. Унинг раҳбарлиги остида савдо ҳажми ва битимлар сони сезиларли даражада ошди, компаниянинг молиявий кўрсаткичлари яхшиланди, самарали операцион жамоа шаклланди ва мутахассисларга билимларни тизимли равишда узатиш йўлга қўйилди. Фонд бозорининг технологик инфратузилмасини модернизация қилишга, хусусан, мобил иловалар орқали брокерлик ҳисобварақларини масофадан очиш ва қимматли қоғозлар билан савдо қилиш имконини берувчи API ва янги авлод рақамли хизматларини жорий этишга, шунингдек, Биржанинг бозор маълумотларини бутун дунё бўйлаб реал вақт режимида тарқатишга алоҳида эътибор қаратилди. Миллий капитал бозорининг шаффофлигини ва инвестицион жозибадорлигини ошириш, ҳамда халқаро инвесторлар орасида Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори ҳақидаги хабардорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва меъёрий-ҳуқуқий базасини ислоҳ қилиш борасидаги фаол ишлар муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.
"Акциядорларга, ҳамкасбларга, Кузатув кенгаши аъзоларига, шунингдек, тартибга солувчи орган - Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва бозор иштирокчиларига самарали ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилигимни билдираман. Умид қиламанки, биз амалга оширган ишлар Ўзбекистон Республикасида капитал бозорининг ўзига хос юқори суръатларда ўсиши ва ривожланишига кўмаклашади," - деди жаноб Паресишвили ўзининг хайрлашув нутқида.

Кузатув кенгаши қарори билан Ташов Файзулла Муратович Биржа бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Жаноб Ташов ўз фаолиятини 2001-2005 йилларда "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБда бошлаган, 2005 йилдан буён Ўзбекистон Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида раҳбарлик лавозимларида ишлаган, 2024 йилдан эса Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида Депозитар хизматлар ва ҳисоб-китоб-тўлов операциялари бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаб келган.
"Георгий Отаровичга бозорни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдираман ва келажакда унинг қўллаб-қувватлаши ҳамда маслаҳатларига умид қиламан. Тошкент фонд биржаси ўз фаолияти ва бозорни ривожлантиришда катта ўзгаришлар остонасида турибди ва биз бу жараёнда фаол иштирок этишни давом эттириш учун барча куч-ғайратимизни сафарбар этамиз," - деди жаноб Ташов ташриф нутқида.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДавАктив) ва Корея биржаси (КРХ) номидан акциядорлар, Кузатув кенгаши аъзолари, Биржа бошқаруви ва жамоаси, шунингдек, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, Инвестиция институтлари миллий ассоциацияси (НАИИ) вакиллари ва бозор иштирокчилари жаноб Паресишвилини кузатиб қўйиш ҳамда жаноб Ташовни кутиб олиш учун Биржа биносида тўпландилар.